ворисова

Нархларни шакллантириш устидан давлат ва жамоатчиликнинг қатъий назоратини ўрнатиш лозим

Кучли фуқаролик жамиятининг ўзига хос хусусиятларидан бири бу барча соҳаларда жамоатчилик назоратининг ўрнатилганидир. Бу мамлакатда демократик тамойилларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Негаки, одамлар жамоатчиликка бирлашиб, олиб борилаётган ислоҳотларга ўз таъсирини кўрсатар экан, демократия ҳам шу аснода мустаҳкамлана боради. Жамоатчилик назоратининг аҳамияти ривожланаётган мамлакатлар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шу каби давлатимизда ҳам йилдан-йилга жамоатчилик назорати шаклланиб, ўзининг янги босқичларига кўтариляпти. Бунга кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Масалан, бирон давлат идораси, ё хизматчисининг ўз ишини масъулият билан бажармагани устидан фуқаролар жамоатчилик нормалари асосида назорат ўрнатиб, ижобий натижаларга эришилаётганига кўп гувоҳ бўляпмиз.

Шулар қаторида нархларнинг сунъий оширилиши юзасидан ҳам жамоатчилик назорати шаклланган. Лекин кўпчилик одамлар бу каби ҳолатларга бепарво муносабатда бўлади.

Фаол бўлиб жамоатчилик назоратини ўрнатганларга эса баъзи ҳолларда масъуллар томонидан тазйиқлар ўтказилиши ҳолатлари ҳам учрайди. Бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун давлатнинг ўзи нархларни шакллантириш устидан дастлабки назоратни ўрнатиши лозим. Ундан кейин жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида жамоатчилик ҳам ўз назоратини ўрнатиб боради.

Юқорида қайд этиб ўтганимиз бундай ҳолатларга бепарво одамларни ҳам жамоатчилик назорати доирасига тортиб, уларнинг бу борадаги фикрларини инобатга олиш тизимини йўлга қўйиш зарур. Энди савол туғилади: бу каби ҳолатларга лоқайд одамларни қандай қилиб жамоатчилик назоратига қизиқтирса, бирлаштирса бўлади?! Албатта, бунда оммавий ахборот воситалари орқали қилинадиган тарғибот-ташвиқот ишларининг ўрни катта. Шунингдек, маҳаллалар тизимида ҳам жамоатчилик назоратини шакллантириш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришни йўлга қўйиш шарт.

Нархларнинг шакллантирилиши устидан давлат ва жамоатчиликнинг назоратини ўрнатиш орқали нималарга эришиш мумкин?

Бундан биринчидан, одамларнинг сунъий оширилган нархларда товар ва хизматларни харид қилишининг олди олинади. Бу орқали фуқароларнинг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир етмайди. Иккинчидан, нархларнинг тез-тез сунъий ошиб бориши мамлакатнинг иқтисодий сиёсатига ҳам жиддий хавф туғдиради. Бу эса инфляциянинг кучайишига, мамлакат иқтисодиётининг турғунлашувига сабаб бўлади. Агар нархлар шаклланиши устидан давлат ва жамоатчилик қатъий назорат ўрнатса, бу давлат учун ҳам, фуқаролар учун ҳам иқтисодий наф келтиради.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, ўтган йили пандемия авжига чиққан пайтда бир қанча жамоат ташкилотлари ички бозорларда сотилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар нархларининг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш учун жойларда “Жамоатчилик назорати” ишчи гуруҳларини ташкил этди. Унга кўплаб тажрибали мутахассислар жалб қилиниб, бозор ва савдо шохобчаларидаги нарх-навога оид кунлик маълумотлар умумлаштирилган ҳолда, ваколатли масъул давлат органларига тақдим этиб турилди ва бу фаолият давом этмоқда.

Эътиборли жиҳати, айни шу жамоатчилик назорати сабаб тиббий ниқоб, антисептик воситалар, вилоятлараро қатновчи таксиларнинг асоссиз оширилган нархлари тартибга солинишига эришилди. Шунингдек, жамоатчилик назорати таҳлилларига асосан, ҳукуматга фуқароларнинг ўткир эҳтиёжи мавжуд бўлган маҳсулот ва хизматлар юзасидан ахборот киритиб борилмоқда.

Эришилган ва эришилаётган натижалар оз эмас, шу сабабли нархларнинг шакллантирилиши устидан қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатиш жуда катта аҳамият касб этади.

Аҳолини ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш зарур

Бунга биринчи омил энг юксак қадрият бўлмиш инсонларнинг саломатлигини яхшилаш зарурати бўлса, кейингиси жамиятдаги тиббий маданиятни юксалтиришдир. Тиббий маданиятни юксалтиришга ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилот ва муассасалар масъул ҳисобланади.

Ривожланган давлатларда инсон саломатлигига биринчи даражали масала сифатида эътибор берилади. Негаки, ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлиги унинг халқидир. Қаердаки одамлар соғлом бўлса, улар турли соҳалар ривожига ҳисса қўшади ва бу мамлакат учун улкан фойда сифатида баҳоланади. Шу сабабли, давлатимизда одамларнинг соғлиқ-саломатлигини авайлаш мақсадида аҳолини ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш лозим.

Бу орқали инсонлар касаллигини ўз вақтида аниқлаб, улар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Ваҳоланки, мутахассислар фикрига кўра, ўз вақтида аниқланган ҳар қандай касалликни даволаш мумкин. Агар ўша касалликлар вақтида аниқланса, бемор учун ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан фойдали бўлади.

Одамларда тиббий маданият етишмас экан, уларнинг ўзи бориб шифокорга кўринишни истамас экан, ҳарйили ўтказиладиган бепул тиббий кўрикни кечиктирмасдан бошлаш зарур. Бу ишни асосан оилавий поликлиникалар фаолиятидан фойдаланган ҳолда, шунингдек, узоқ ҳудудлардаги аҳоли пунктларига кўчма тиббий кўрик гуруҳларини юбориш орқали амалга ошириш мумкин. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, оилавий поликлиникаларнинг бирламчи вазифаси касаллик профилактикаси ҳамда аниқланган касалликни даволаш, касаллик асоратининг олдини олиш ҳисобланади.

Фуқароларимизда ўз соғлиғига масъулият ҳиссини кучайтириш учун тиббий маданиятни тарғиб қилишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш лозим. Бу ҳам юқорида қайд этганимиздек, соғлиқни сақлаш тизимининг вазифалари сирасига киради.

Тарғиботда, аввало, оммавий ахборот воситаларини, чунончи, аҳолининг кўплаб қисми фойдаланадиган телевидение ва радиони жалб этиш яхши натижа беради.

Фикр билдираётганимиз мавзуга оид яна шуни ҳам қўшимча сифатида айтиб ўтишимиз керакки, айни кунларда коронавирусга қарши вакцинация олиб борилмоқда. Бу ҳам тиббий профилактиканинг бир туридир. Мутахассислар фикрича, эмланган инсон умуман касалликка чалинмайди ёки юқтирган тақдирда ҳам енгил шаклда ўтказади. Бу, албатта, аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим омил ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз мумкин, аҳолини ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш бевосита мамлакат тараққиётига хизмат қилади.

Чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг манфаатлари йўлида

Чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш лозим. Шу асосда тартибга солинган, хавфсиз, бошқариладиган меҳнат миграцияси сиёсатини амалга ошириш тарафдоримиз.

Ривожланиш босқичида бўлган кўпгина давлатлар аҳолисининг сезиларли қисмини меҳнат мигрантлари ташкил этади. Шу каби мамлакатимиздаги ишга эҳтиёжи бор аҳолининг маълум қисми хорижий давлатларда меҳнат қилмоқда.

Айни даврда мамлакат ичида ишчиларга етарли иш ўринлари яратиб беришга имкон мавжуд эканини ҳисобга олган ҳолда, хорижда меҳнат қилаётган ишчиларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда меҳнат мигрантларининг юридик ҳимоясини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон хорижий давлатлар билан меҳнат фаолияти ва меҳнат мигрантларининг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қатор ўзаро фойдали битим ва келишувлар имзоланган. Ҳукумат томонидан бу борада бир неча ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Лекин бу борадаги ишларни янада кучайтириш лозим. Негаки, тез-тез оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда хорижда меҳнат қилаётган ишчиларимизнинг ҳуқуқи бузилаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Хўш, хорижда меҳнат қилиши даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган, меҳнат миграцияси даврида жароҳатланган фуқароларга қандай ёрдам бериш мумкин? Албатта, бу — жиддий ўйлаш керак бўлган масала.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, мамлакатимизда юқоридаги ҳолатларга дуч келган меҳнат мигрантларига кўмак беришга масъул Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳамда Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти мавжуд. Бу ташкилотлар айни соҳадаги фаолиятларини танқидий кўриб чиқишлари лозим.

Чет элда меҳнат қилаётган мигрантларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб биламиз.

Биринчидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳамда Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаментининг олдига қўйилган вазифаларни бажариши устидан давлатнинг ва жамоатчиликнинг қатъий назоратини ўрнатиш. Уларнинг амалга оширган ишлари юзасидан ҳар ой оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот беришини ташкил этиш.

Иккинчидан, мамлакатимизнинг хориждаги, айнан ўзбек меҳнат мигрантлари кўп борадиган давлатлардаги элчихоналари, консулликлари, ваколатхоналари қошида меҳнат мигрантлари ҳуқуқ-манфаатини ҳимоя қиладиган, уларга зарур ҳолатларда керакли моддий-маънавий кўмак берадиган марказлар очиш лозим. Шунингдек, элчихоналар қошида айнан меҳнат мигрантлари масалалари билан шуғулланадиган марказларнинг ташкил этилиши ижобий самара беради.

Учинчидан, чет элда меҳнат қилаётган мигрантларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган концепция ишлаб чиқилиши зарур. Концепция ўз доирасида дунёнинг ҳар бир бурчагида меҳнат қилаётган мамлакатимиз фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашни ўз ичига олиши керак. Шунингдек, концепцияга миграция масалаларига масъул ташкилот ва идора вакилларининг ҳар чоракда хориждаги ўзбек мигрантлари билан учрашувини ўтказиш режаси ҳам киритилиши лозим.

Шунингдек, чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш лозим. Шу асосда тартибга солинган, хавфсиз, бошқариладиган меҳнат миграцияси сиёсатини амалга ошириш тарафдоримиз.

Ўйлаймизки, юқорида қайд этиб ўтган вазифаларни амалга ошириш чет элда меҳнат қилаётган ишчиларимиз ҳолатини ижобий томонга ўзгартиради.

Ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам берилиши керак

Ижтимоий нотенглик асосан иқтисодий нотенгликдан келиб чиқиши ҳақида фикр билдирган эдик. Шунга мисол тариқасида ҳарбийлар, божхоначилар ва бошқа қатор соҳа вакилларининг фарзандлари учун ОТМга киришда берилаётган грантлар квотасини ҳам санаб ўтиш жоиз. Савол туғилади: отаси ё онаси сабаб грант асосида бирон моддий қийинчиликка дуч келмай ўқиётган талабалар ўқув жараёнига ҳам панжа ортидан қарамайдими?

Жамият фаровонлигининг асосий тамойилларидан бири мамлакатда ижтимоий тенглик яратилганидир. Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган.

Мисол учун, олий таълимга киришда айрим тоифаларга берилаётган имтиёзлар, солиқ ва бошқа ижтимоий имтиёзлар жамиятда нотенгликни шакллантиради. Шунингдек, яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Ижтимоий нотенглик асосан иқтисодий нотенгликдан келиб чиқади. Иқтисодий нотенгликнинг асослари, биринчидан, айрим турдаги тадбиркорларга бериладиган имтиёзлардан пайдо бўлса, иккинчидан, иқтисодий соҳадаги мавжуд монополиялар бунга замин ҳозирлайди.

Биринчи ҳолатда айрим тадбиркорларгагина солиқ имтиёзи ва бошқа имтиёзлар берилиши бошқа тадбиркорларнинг манфаатига зарар етказади. Шундан кейин имтиёз берилмаган тадбиркорлар ўз фаолиятини тамомлаши ва бу орқали уларнинг мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссасига нуқта қўйилиши мумкин.

Иккинчи ҳолатда эса мавжуд монопол компанияларнинг айрим турдаги тадбиркорлар билангина ҳамкорликда фаолият юритиши назарда тутилган. Бу ҳам ўзига хос нотенглик бўлиб, бундай монополларнинг фаолияти жиддий назорат қилиниши лозим.

Мутахассислар фикрича, аҳоли даромадларининг таққосидан нотенглик бор ёки йўқлиги маълум бўлади. Нотенглик мавжуд жамиятларда даромадлар ўртасидаги тафовут сезиларли даражада катта рақамни ташкил этади. Сиртдан қараганда, барчага тенг имкониятлар яратилгандек туюлади, аслида эса қандайдир маълум ва номаълум имтиёзларнинг катта мулк эгалари ёки амалдорларга берилгани аниқланади. Адолатли демократик жамиятда барча учун баравар шароитлар яратилади, агар кичик мулк эгалари ёки аҳолининг кам таъминланган қатлами вакилларида қандайдир етишмовчилик бўлса, махсус дастурлар асосида уларга кўмак берилади. Шуни англаш керакки, кўмак ва имтиёз бериш бошқа-бошқа нарсалардир.

Ҳар томонлама тараққий этган Дания, Швейцария, Германия, Финляндия, Нидерландия, Япония каби мамлакатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, уларда ҳеч қайси қатламга алоҳида имтиёзлар берилмаган. Барчага бирдек шароит яратилган. Ҳар ким ўз ҳаракатига яраша ҳаёт даражасига эга бўлади.

Ижтимоий нотенглик асосан иқтисодий нотенгликдан келиб чиқиши ҳақида фикр билдирган эдик. Шунга мисол тариқасида ҳарбийлар, божхоначилар ва бошқа қатор соҳа вакилларининг фарзандлари учун ОТМга киришда берилаётган грантлар квотасини ҳам санаб ўтиш жоиз. Савол туғилади: отаси ё онаси сабаб грант асосида бирон моддий қийинчиликка дуч келмай ўқиётган талабалар ўқув жараёнига ҳам панжа ортидан қарамайдими? Билими қанчалар юқори бўлишига қарамай, контрактда ўқиётган талабаларнинг “имтиёзли”лар сабаб кўнгли ўксимаяптими?

Бир сўз билан айтганда, биз юқорида мулоҳаза юритган барча масалаларга ечим топиш, уларни ҳаққоний ҳал қилиш Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастуридан ўрин олган ва уларни ҳал қилиш бош мақсадимиз сифатида белгиланган.

Халқ демократик партияси матбуот хизмати тайёрлади.