обломуродов

Инсоният бугун табиат қадрини, унинг неъматлари бебаҳо эканини тобора англаб етмоқда. Бугун дунё миқёсида бошланган ўнлаб глобал муаммолар — иқлим ўзгариши, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, сайёрамиз ҳароратининг кўтарилиб бориши, қурғоқчилик, буларнинг барчабарчаси негизида битта нарса, у ҳам бўлса асрлар давомида инсониятнинг табиатга етказиб келаётган зарарлари ҳосиласи ётади. Табиатнинг мана шу “огоҳлантириш”лари биргина мамлакат ёки халқ учун эмас, бутун инсоният учун жиддий огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак. Атроф-муҳит билан боғлиқ вазифалар ҳамиша эътиборимиз марказида туриши зарур.

Экологик таълим-тарбия масаласида сайловчилардан ҳам кўплаб таклифлар тушмоқда. Мисол учун Самарқандда ўтган учрашувда Каттақўрғон туманидаги 3-мактабгача таълим ташкилоти директори Латофат Қодирова боғчалар ҳовлиларида экологик боғлар ташкил этиш бўйича яхши таклиф билдирди. Барча шаҳар ва қишлоқларимиздаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳовлисида, албатта, очиқ ёки кўкаламзорлаштирилган, гул ва дарахтлар экилган майдонлар бор.

Ана шу жойларга экологик боғ, деб ном бериб, уларни ўсимлик дунёси билан бойитсак, бу ҳам болаларимизни ёшлигидан табиатни, атроф-муҳитни асраб-авайлашга даъват этишга яхши туртки бўлади.

Тан олиб айтиш керак, шу вақтгача экология ва атрофмуҳит билан боғлиқ масалалар қанчалик кўп кўтарилмасин, муаммолар айтилмасин, уларнинг ечимига келганда етарлича шуғулланмадик. Оддийгина жамоатчилик назорати билан бир дарахтни ёки яшил ҳудудни сақлаб қолиш учун одамлар қаерга мурожаат қилиши ёки мурожаат борган ташкилот қандай чора кўриши кераклиги ҳам чигал масалага айланиб қолган эди. Ёки керакли­кераксиз жойларга ҳам арча экиш кампанияси шунчалик авж олгандики, бу кимга зарурлиги ёки нима учун кераклигини ҳатто мутахассислар ҳам аниқ изоҳлай олмасди.

Сўнгги йилларда саноат корхоналари сони 2 баравар кўпайиб, шаҳарларда чанг­газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага заҳарли ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.

Шу билан бирга, ҳудудларда “яшил майдон”лар 3­4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетди. Ер усти ва ер ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугун дунё миқёсида атмосферага заҳарли моддалар чиқариш кўпайиб бормоқда. Биргина юртимизда атмосфера ҳавосига ҳар йили 2 миллион 200 минг тоннадан ортиқ заҳарли ташламалар тушяпти. Бу эса атроф­муҳит мусаффолиги, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси шароитида дунёда бир йилда 1,8­3 миллион киши ушбу хасталик туфайли вафот этган бўлса, атмосферадаги заҳарли моддалар сабаб 7 миллион киши оламдан ўтмоқда. Бу маълумотлар биздан огоҳликни, ушбу масалага янада жиддий эътибор қаратишни талаб этади. Шу сабабли биз бу борадаги ҳуқуқий тартибларни кучайтириш, алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурамиз.

Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан бор­йўғи 15 тасига тадбиркор жалб этилган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган.

Бу муаммолар бир ёки икки йиллик эмас. Бу йигирма­ўттиз йиллар давомида атроф­муҳитга қилинган тажовузлар, табиат неъматларидан тартибсиз ва хўжасизларча фойдаланилгани, экология масаласи ҳамиша эътиборимизнинг энг қуйи поғонасида бўлиб келгани оқибатидир.

Биргина дарахт кесилишини олайлик. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий жорий этилган эди. Кейинчалик ушбу мораторий муддати 2021 йил якунигача узайтирилди. Аммо маълумотларга кўра, ўтган даврда 2,8 мингта қимматбаҳо ва 2 мингдан зиёд кам қимматли дарахтлар ноқонуний кесилгани жуда аянчли ҳолдир. Чунки битта дарахтнинг вояга етиб, ерга мустаҳкам ўрнашиб олиши, атрофга соя ёки мева бериши учун йиллар керак бўлади.

Шундай экан, беш мингга яқин эмас, бир дона дарахтнинг ҳам кесилишини она табиатга етказилган бемисл зарар сифатида қабул қилишимиз, ҳар бир дарахтни ҳимоя қилишнинг бутунлай янги механизмларини, дарахт кесувчиларга ҳам, бунга рухсат берганларга ҳам янада оғирроқ жазо чораларини қатъий белгилашимиз шарт.

Бир сўз билан айтганда, экология ва атроф­муҳит муҳофазаси — барчамиз учун ҳаёт­мамот, эртанги кунимиз ва келажагимизни белгилаб берувчи энг устувор масала. Агар мамлакатимиздаги мавжуд табиий ресурслар, имкониятлардан самарали ва тежаб­тергаб фойдалансак, Ўзбекистонда энергетика масаласида муаммо бўлмайди. Бутун жамиятимизда экологик масалаларга бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришимиз, экологик маданиятни юксалтиришимиз, соҳадаги мавжуд муаммолар ечими — фаровон келажагимиз гарови. Бунинг натижаси беш­ўн йиллик қисқа муддатда эмас, асрлар давомида атроф­муҳит мусаффолиги, ватанимизнинг бетакрор табиати ва фарзандларимизнинг соғлом келажагида ўзини намоён этиб туради.

Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг Сайловолди дастуридан:

Биз “Она табиатни асраб-авайлаш муқаддас бурчимиздир!” шиори остида аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш борасида барча чораларни кўрамиз.

Биз биологик хилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштирмоқчимиз.

Энг муҳим масалалар қамраб олинган

Бекзод НАРИМАНОВ, Тошкент давлат юридик университети доценти:

— Нарзулло Обломуродов дастурида белгиланган вазифалар ҳар биримизнинг келажагимизга бевосита дахлдор бўлгани сабабли эътиборимни тортди.

Дастурда алоҳида эътибор қаратилган масала мамлакатимизда давлат­хусусий шериклик асосида чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштиришдир. Хусусан, Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Наманган туманларида маҳаллаларни санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 92 фоизга етиб, тушумлар 2 бараварга ошган. Бундан кўриниб турибдики ушбу тизимни янада такомиллаштириш ўзини оқлайди.

Эътиборимни тортган иккинчи жиҳат эса, экология ва атроф­муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фуқаровий, маъмурий, жиноий жавобгарлик чораларини кучайтириш, атроф­муҳитга етказилган зарар ўрнини қоплашнинг самарали механизмларини жорий этишдир. Дарҳақиқат, Президентликка номзод Нарзулло Обломуродовнинг мазкур таклифи жуда долзарб. Чунки фақат шу йўл билангина биз экологик муаммоларга самарали ечим топа олишимиз мумкин.

Учинчи жиҳат, бу — давлат бошқарув тизимида экология соҳасидаги маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш.

Юқоридаги ислоҳотларни давлат бошқарув тизимида экология соҳасидаги маъмурий ислоҳотларсиз амалга ошириш даргумон. Экология соҳасидаги давлат бошқарувида “суяги қотган” Нарзулло Обломуродов бундан яхши хабардор, албатта.

Тўртинчи жиҳат — “Электрон ҳукумат” тизимини янада кенг жорий этиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш тизими самарадорлигини ошириш бўлиб, бу эса соҳада бюрократияни камайтиришни кафолатлайди, деган умиддаман.

Назаримда, мазкур номзоднинг сайловолди дастурида жамият ҳаётида долзарб бўлиб турган барча масалалар қамраб олинган. Шуни назарда тутган ҳолда, сайловда Нарзулло Обломуродов номзодини қўллаб­қувватлаш ҳар томонлама ўзини оқлайди, деб ҳисоблайман.

Олий таълимдаги муаммо

Муҳиддин ПЎЛАТОВ, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти ректори:

— Номзоднинг сайловолди дастурида бугун барчани ўйлантирган, олдимизда турган вазифалар жамланган. Унда таълим соҳасига ҳам катта эътибор қаратилган. Ўзбекистонда олий таълимнинг янги босқичи ривожланмоқда. Табиат ва экологияни асрашда ёш мутахассисларнинг ўрни катта ва уларнинг сифатли таълим олиши бу борада қўйилган пойдевордир.

Экологиянинг барча таълим соҳалари учун муҳимлигини таъкидлаш лозим. Зеро, ҳар қандай лойиҳада ўша ҳудуднинг экологик ҳолатини ўрганиш ва бунга хулоса бериш керак бўлади. Буни экология соҳасидаги муносиб кадрларгина амалга ошира олади. Шунинг учун экологик билимни таълимнинг барча даражаларига киритиш мақсадга мувофиқ.

Олдимиздаги вазифалар улкан ва саноқсиз

Жусипбек КАЗБЕКОВ, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари:

— Яқинда БМТнинг 3 минг саҳифадан иборат, 245 давлатда ўтказилган экспертлар ҳисоботи чиқди. Унда дунё ҳамжамияти агар шу ҳолатда ривожланишда давом этса, экология жар ёқасига келиб қолишини маълум қилди.

Иқлим ўзгариши аниқ инсон фаолияти натижасида содир бўляпти. Бу ёғига ҳамма биргаликда ва ҳамжиҳатликда ишламаса, мисли кўрилмаган фожиали муаммолар келиб чиқаверади. 2050 йилгача иқлим ўзгариши ва ҳарорат ортишини 1,5 даражада ушлаб тура олмасак ва кўрсаткичлар бундан ҳам ортиб кетаверса, оқибати аянчли бўлиши мумкин. Бугун Африкада ёғаётган қорлар, максимал даражада эриётган музлар бунинг ёрқин мисолидир.

Экология соҳасида олдимизда турган вазифалар қанчалик улкан ва саноқсиз эканлиги давлат даражасида айтиляпти. Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган номзоднинг сайлов олди дастурида ана шундай экологик муаммолар ечими борасида аниқ таклифлар ўз ифодасини топган.

“Яшил” энергетика ташаббуси

Улуғбек РАЗЗОҚОВ, Навоий вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи:

— Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурида кўтарилган яшил энергетика масаласи аҳоли учун ҳам, ишлаб чиқарувчи учун ҳам электр таннархининг пасайишига олиб келади. Демак, бу халқ ва давлат учун бирдек фойда келтиради. Қуёш ва шамолдан фойдаланиб тежамкор энергия олинса, ҳисоб­китобларга кўра, электр энергияси нархи 100 сўмга арзонлашади. Республикадаги чекка қишлоқларда электр энергияга бўлган эҳтиёж қондирилади. Тадбиркорлар олдидаги муаммолар ҳам ечилади ва мамлакатнинг экспорт ҳажми ортади.

Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаси сўнгги йилларда анча ривожланяпти. Бироқ саноат чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича ҳолат ҳали ҳам талабга жавоб бермайди. Бу ҳам дастурдан ўрин олгани таҳсинга лойиқ.

Агар буни оддий қилиб сайлов жараёнида сайловчиларга тушунтира олсак, барча бирдек Экопартия номзодини ёқлашига шубҳам йўқ.

Болалар мактабга қайтди

Дилфуза САДРИДДИНОВА, Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи:

— Аҳолининг муаммоси, дарди, ташвишини бориб жойида ўрганиш катта меҳнат ва жасоратдир. Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги Манас қишлоғи ҳамда Пахтакор туманида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари бўйича қилинган ишлар айтишга осон. Буларнинг барчасида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекис тон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов нинг ҳиссаси катта, деб ҳисоблайман. У уй­жойга муҳтож, анча йиллар эътибордан четда қолган аҳолига шароитлар яратишда ёрдамини аямаган.

Пахтакор туманининг замонавий қиёфа касб этишида у кишининг кўп меҳнати сингган. У ерларда юзлаб болаларнинг халқ таълимига жалб қилинмагани, ўқишга буткул эътиборсизлигининг гувоҳи бўлганмиз. Шундай бир пайтда Нарзулла Обломуродов ўз ташаббуси билан аҳоли хонадонини ижарага олган ва шувоқ тегмаган хоналарга парта­стул қўйдириб мактаб ташкил қилган эди. Қишлоқда ҳозир барча шароитга эга уй­жойлар, иккита умумтаълим мактаби ташкил этилди. Ёшларни иш билан таъминлаш учун тикув фабрикаси ҳам фаолият юритмоқда.

Шунинг учун ҳам мен бу номзодни сайловлар жараёнида қўллаб­қувватлашга тайёрман.