President KarakalpakstanҚадрли ватандошлар!

Ҳурматли Жўқорғи Кенгес депутатлари!

Бугун мен Ватанимизнинг тақдири ва келажагига, қутлуғ заминимиздаги тинчлик ва барқарорликка бефарқ бўлмаган барча инсонларга мурожаат қилмоқчиман.

Қорақалпоғистон Республикасида содир этилган ташвишли воқеаларни ҳар биримиз, барча Ўзбекистон фуқаролари юрагимизда чуқур дард ва изтироб билан қабул қилмоқдамиз.

Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда. Конституциявий ислоҳотлар мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, “инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалда қарор топтиришга қаратилгандир.

Фуқароларнинг ўз фикри ва хоҳиш-иродасини демократик принциплар ва ҳуқуқий нормалар асосида эркин билдириш бўйича яратилган шарт-шароитларга қарамасдан, айрим ғаразли кучлар конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлаб, Ўзбекистондаги вазиятни беқарор этиш ва издан чиқаришга уринмоқда.

Сохта ахборотларни тарқатишнинг синалган технологияларидан, ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланган ҳолда, бузғунчи кучлар аниқ мақсадни кўзлаб, фуқароларни Конституцияга хилоф хатти-ҳаракатларга жалб этмоқда.

Уларнинг асосий нияти жамиятни пароканда қилиш, давлатимиз томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик сиёсатига бўлган ишончни сусайтириш, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига путур етказишдан иборат.

Илгари хабар қилинганидек, бир гуруҳ шахслар 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида сохта шиорларни ўзига ниқоб қилиб олган ҳолда, фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг фикрини чалғитиб, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, тартибсизликлар келтириб чиқарди, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини эгаллаб олишга уринди.

Улар 2022 йил 2 июль куни жамоат тартибини бузишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан, республиканинг маъмурий марказидаги асосий кўчаларда бузғунчилик ишларини давом эттирди.

Бундан ташқари, тартибсизликларда қатнашган айрим кимсалар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнашувларни келтириб чиқаришга, қўриқланадиган ҳудудларга зўравонлик билан бостириб киришга уринди, биноларга тош ва турли буюмлар отишди. Шаҳар бўйлаб юриш давомида улар инфратузилма объектларига сезиларли даражада зарар етказишди. Биноларнинг ойналарини синдириб, ёнғинлар содир этишди. Бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринишди.

Ушбу кимсалар сон жиҳатига кўра нисбий устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилишди, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказишди. Минг афсуски, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар бор. Мамлакатимиз Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида мен 2022 йил 3 июлдан 2 августга қадар “Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш ҳақида”ги Фармонни имзоладим.

Ишончим комил, ушбу Фармон ижросини таъминлаш давомида кўп миллатли Қорақалпоғистон халқи мамлакатимиз равнақи ва фаровонлигининг пойдевори бўлган тинчлик ва барқарорлик, фуқаролар ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлаш учун бирлашиб, барча куч ва имкониятларини сафарбар этади.

Ҳурматли юртдошлар!

Яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси эълон қилинди ва умумхалқ муҳокамасидан ўтмоқда. У фақат Ўзбекистон халқининг таклиф ва фикрлари асосида ўзгартирилади ва такомилга етказилади.

Шундан сўнг мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади ва фуқароларимиз эркин овоз бериш йўли билан ўз хоҳиш-иродасини ифода этадилар. Фақат шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар қонуний кучга эга бўлади.

Бундай ёндашув “Халқ – Конституциянинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи”, деган принципга тўла мос келади. Фақат шундагина ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – бу менинг Конституциям”, деб ғурур билан айта олади. Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича муҳокамалар жараёни давом этмоқда. Қорақалпоғистон аҳолиси томонидан билдирилаётган фикрларни ўрганиш асосида Жўқорғи Кенгес депутатлари, муҳтарам нуронийларимиз ҳамда Қорақалпоғистон фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда мен Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда, ўзгартирмасдан қолдиришни таклиф этдим. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси яқин кунларда бу масалани кўриб чиқади.

Ҳурматли депутатлар ва Қорақалпоғистон аҳли!

Маълумки, кейинги йилларда биз сизлар билан биргаликда Қорақалпоғистонни ижтимоий, иқтисодий, маданий ва инновацион жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларини амалга оширдик. Уларнинг амалий натижаларини ушбу диёрда яшаётган ҳар бир инсон бугун ўз ҳаётида ҳис этмоқда.

Охирги беш йилда ҳудуднинг маҳаллий бюджетига қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича муҳим дастурлар изчил амалга оширилмоқда. Камбағалликни қисқартириш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “темир дафтар”га киритилган 65 мингга яқин оилага, 16 ёшгача болаликдан ногирон аъзоси бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган 17 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилди.

Биргина 2020 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад 3 баробарга ошди. 

Сўнгги беш йилда қурилиш ишлари ҳажми 3,5 марта ўсди. Ўнлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий агрокластерлар, қўшма корхоналар ишга туширилди. Республикада минглаб янги объектлар барпо этилди, реконструкция қилинди ва таъмирланди. Жумладан, кўплаб болалар боғчалари, умумтаълим ва ихтисослашган мактаблар, олийгоҳлар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт масканлари фойдаланишга топширилди.

Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 32 фоиздан 75 фоизга етди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, аҳолини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш, ирригация ва мелиорация тармоқлари ҳолатини яхшилаш бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, ҳудудни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда. Хусусан, бир пайтлар ночор аҳволга тушиб қолган Мўйноқ бугун бутунлай янгича қиёфа касб этиб, жадал ривожланиб бораётган замонавий туманлардан бирига айланди.

Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Ушбу ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича беш йиллик миллий дастур ишлаб чиқилмоқда. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Юксак халқаро минбарлардан Орол муаммосига жаҳон жамоатчилиги эътиборини мунтазам қаратиб келмоқдамиз.

Тўлиқ ишонч билан айтаманки, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар бундан буён ҳам албатта изчил суръатларда давом эттирилади.

Чунки Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир.

Мен ҳаёт синовларида тобланган қорақалпоқ халқининг донишмандлигига ишонаман ва уларни ақл-идрок билан иш тутишга, турли хил қутқуларга, жумладан, четдан бўлаётган ғаразли чорлов ва ҳаракатларга алданмаслик, уларнинг қурбонига айланмасликка чақираман.

Сепаратизмга, оммавий тартибсизликларга, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилади, айбдорлар эса муқаррар жазога тортилади. Аминманки, Қорақалпоғистоннинг меҳнаткаш, оқкўнгил ва бағрикенг эли ўзбек ва қорақалпоқ халқлари тақдирининг бирлиги ва яхлитлигига, оғизбирчилигига асосланган муқаддас қадриятларини бундан буён ҳам кўз қорачиғидек асраб-авайлаб яшайди.

Содир бўлган воқеалар бизни янада ҳушёр ва сезгир бўлишга чақиради. Бугун жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фарзандларимиз ва набираларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун метин ирода, жипслик ва якдиллик ҳар қачонгидан ҳам зарурдир.

Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистонни ўз она Ватани деб биладиган барча юртдошларимизга, муҳтарам отахон ва онахонларимизга, қадрли ака-ука ва опа-сингилларимизга, азиз фарзандларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман.

Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида ўзаро шафқатсиз рақобат, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар, сепаратизм, миллатчилик, радикализм каби таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда.

Ана шундай таҳликали вазиятда мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, гўзал диёримизда барқарор ва бардавом тараққиётни таъминлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириш барчамизнинг, аввало, раҳбар ва мутасаддиларнинг нафақат вазифаси, балки муқаддас инсоний бурчидир. Биз фақат мана шу йўл билан бугунги куннинг барча таҳдид ва хавф-хатарларига муносиб жавоб беришимиз, турли бузғунчи ғояларга қарши жамиятимизда, аввало, ёшларимиз қалбида мустаҳкам иммунитет яратишимиз, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танланган демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмасдан янада самарали натижаларга эришишимиз мумкин.

Азиз юртдошлар!

Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир.

Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни албатта барпо этамиз.

Ўз ҳаёти давомида тарихнинг кўп-кўп машаққатли синовларини мардона енгиб ўтган азму шижоатли, олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган мана шундай буюк мақсадларга албатта эришади, деб ишонаман.