1631949441.6255

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон мезбонлигида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувидаги нутқида камбағалликни бартараф этиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш каби ўта долзарб масалага алоҳида эътибор қаратди», - дея таъкидлади Марказий Осиё халқаро институтининг бош илмий ходими Носиржон Юсупов «Дунё» ААга тақдим қилган шарҳида.

- Табиийки, ҳар бир инсон ҳаёти давомида тўлақонли турмуш тарзига эга бўлишни истайди. Бунда озиқ-овқат, уй-жой, кийим-кечак, тиббий ёрдам, билим олиш, бола тарбияси каби инсон эҳтиёжи учун зарурий кичик рўйхат мавжуд.

Ҳозирга қадар, мамлакат аҳолисига нисбатан «камбағаллик» сўзини қўллаш одат тусига кирмаган эди.

Яқин-яқин кунгача, биз ушбу муаммога кўз юмиб келдик. Бироқ, бу орқали мавжуд муаммо бартараф этилмади, йўқолиб кетмади, аксинча   тобора авж олиб борди.

Яна бир долзарб муаммолардан бири бу - озиқ-овқат хавфсизлиги масаласидир. Бу иккала муаммо, шубҳасиз, бир-бири билан узвий боғлиқ. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш том маънода камбағалликни бартараф этиш учун қулай шарт-шароит яратади. Ўз навбатида, янги иш ўринларини ташкил этиш ва муносиб иш ҳақи билан таъминлаш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муваффақиятли ҳал этишга эришиш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ШҲТ саммити доирасида илгари сурилган ҳар икки ташаббус ҳам ягона мақсад, яъни ўз халқига муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутади.

Узоқ йилдирки, мазкур муаммолар миллатлараро характерга эга бўлиб, бу ҳақда халқаро учрашувларда ҳам мунтазам сўз юритилади. Бироқ, натижа ҳали-ҳануз кутилганидек эмас. Фақат мурожаатларнинг ўзигина уларни ҳал эта олмайди.

Хусусан, Ўзбекистон учун ҳам ушбу муаммолар алоҳида аҳамиятга эга. Сабаби мамлакатимиз аҳолиси сони тез суръатларда ўсиб, айни пайтда 35 миллион нафарни ташкил этади. Озиқ-овқат хавфсизлиги асоси бўлган сув ресурслари ҳажми йилдан-йилга қисқариб бормоқда. Ўтган ўн беш йил мобайнида, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига суғориладиган ер майдонларининг қарийб чорак қисми қисқаргани қайд этилди.

Жаҳон банки таҳлил натижаларига кўра, Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши, ҳарорат ва атмосферанинг тўғридан-тўғри салбий таъсири оқибатида ҳосилдорликда қарийб 6-10 фоиз пасайиш кузатилди. Сўнгги йиллардаги барқарор тенденция - озиқ–овқат маҳсулотлари нархининг ошиши. Ушбу кўрсаткич, жорий йилда 15 фоизга тўғри келди.

Вазият жиддий бўлишига қарамасдан, мутлақо имконсиз дегани эмас. Aйниқса, сўнгги йилларда ушбу ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича мамлакатимизда ва бошқа давлатларда қатор мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, бу борада биргина мамлакатнинг саъй-ҳаракати етарли эмас. Давлатлар ўзаро ҳаракатларни бирлаштириши зарур. Шу боис, Президентимизнинг камбағаллик билан шуғулланадиган вазирларни мунтазам учрашувларини ўташкил этиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш буйича маслахатларни амалга ошириш ташаббуси ғоятда аҳамиятлидир. Бу тадбирлар замонавий ва энг мақбул тажрибаларга асосланган қўшма ечимларни ишлаб чиқиш, муаммоларни имконият даражасида ҳал этиш ва юмшатиш имконини беради.

Мухтасар айтганда, муаммоларга биргаликда ечим излаб топиш ушбу халқаро ташкилотнинг вазифаларига тўла мос келади.