1631882395.8405

Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими А.Баязитов «Дунё» ААга тақдим этган шарҳида бугун Тожикистон пойтахтида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ишлаб чиқариш кооперацияси ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, шу жумладан, юқори технологияли ва инновацион ишланмалар ишлаб чиқиш ва жорий қилиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти томонидан ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида «Саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури»ни қабул қилиш таклифи эътиборни тортади. Давлатимиз раҳбари ушбу таклифни биринчи марта 2020 йилда ўртага ташлаган эди.

Саноат кооперацияси марказларини ташкил этиш бўйича янги ташаббус мантиқан "Саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури"ни амалга ошириш механизми бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда бутун дунёда саноат кооперацияси ишлаб чиқариш соҳасида кучларни бирлаштиришнинг энг самарали шаклларидан бири сифатида эътироф этилган ва нафақат даромад олиш, балки жаҳон миқёсидаги кучли рақобатга дош беришга имкон беради.

Эътиборлиси, ташкилотга аъзо давлатлар ҳам ШҲТ доирасида саноат ва саноат кооперацияси соҳасида, шу жумладан ярмаркалар ва кўргазмалар ўтказиш орқали ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоридирлар.

Ахборот-ресурс марказларининг доимий иши саноат соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг ривожланишига ҳисса қўшадиган янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича тадбиркорларни қидириш, танлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигининг ошишига ёрдам беради.

Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган яна бир муҳим ташаббус - 2022 йилда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти иқтисодий форуми ва инновациялар ҳафталиги ўтказиш ҳам саноат кооперациясига, биринчи навбатда, жаҳон бозорида узоқ муддатли талабга эга, замонавий юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган.

Бугунги шароитда фан, техника ва инновация ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиётининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ҳар қандай иқтисодиётни қишлоқ хўжалиги, энергетика, таълим, молия, ишлаб чиқариш, сайёҳлик, товар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш каби соҳалар бошқаради.

Ушбу ташаббус ишлаб чиқаришга технологик ютуқларни тадбиқ этишда, шунингдек индустриал парклар ва савдо-саноат кластерлари яратиш бўйича тажриба алмашинувидаги ҳамкорликни кучайтириш борасида барча аъзо давлатлар манфаатларига жавоб беради.

Таъкидлаш жоизки, ШҲТ саммитида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган барча ташаббусларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, албатта, ташкилотга аъзо барча давлатларнинг асосий манфаатларига жавоб беради ва ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади.